biff 1

Оддий қоида

zimbabve

Домла айтмоқчики, “агар гап Зимбабве президенти ҳақида бўлса, у ҳолда сен яшаётган мамлакат нашрида: ‘Президент ҳалок бўлди’, деган сарлавҳага ўрин йўқ”, шунинг учун фитна қўзғамай, аниқлик кирит, деяпти (аниқлик бундай бўлади: “Фалонистон президенти ҳалок бўлди”).

Ўзини интернет-журналистикада синаб кўриш истагида бўлганларга домланинг китобини ўқиб чиқишни, жуда эринчоқларга эса унинг 140 қисқа маслаҳати билан танишиб чиқишни тавсия қиламан.

PS. Китобнинг манбалар билан ишлашга бағишланган боблари ўзбекча таржимаси билан бу ерда танишиш мумкин.
gump 2

Артемий Лебедев принциплар ҳақида

Артемий Лебедев принциплар ҳақида:

Реклама, дизайн, ҳар турли ижодий жараёнларни ташкил этиш билан боғлиқ бутун фаолияти давомида муаллиф ўзи учун муҳим бир қоида чиқарган: кўнгил тусаган исталган нарсани ҳар қандай кўринишда қилиш мумкин. Муҳими, ишнинг асосида принциплар бўлса бас.

Принцип ҳар хил бўлиши мумкин (ҳар хил принципларнинг кўплиги ҳам яхши). Масалан, биринчи кўрсатилган қораламани ҳар сафар ташлаб юбориш. Ёки сарлавҳаларда ҳеч қачон сифатдан фойдаланмаслик. Ёки барча маҳсулотларнинг номини “-ус” қўшимчаси билан тугатиш. Ёки ён томонни оловрангга бўяш. Ёки яна бирор нарса.

Принципнинг бўлиши — чекловнинг энг қулай шаклларидан биридир. Чекловларсиз эса ижодий жараён бўлмайди.

Принципсиз ишдан-да ёмонроқ ва беъмани нарса йўқ.
will 1

Жинпинг

Кўплаб жиҳатлар бўйича мустақил бўлганимиз билан, таассуфлар бўлсинким, камида ахборот каналлари бўйича ҳали ҳам мустамлакамиз. Қўрқаманки (умуман олганда, қўрқмайман ҳам), биз бу борада ҳеч қачон тўла, жилла-қурса Эрон ё Туркия даражасида мустақил бўла олмаймиз. Шунчаки, вақт ўтиши билан, ахборот оқимлари устидаги рус мустамлакачилиги турк, араб ёки инглиз мустамлакачилиги билан алмашиб туриши мумкин. Бу бор-йўғи кайфиятга — авлодлар ва ўша авлодларга раҳбарлик қилаётганларнинг кайфиятига боғлиқ жараён, холос, тахминимча.

Шундай қилиб, менинг фикри ожизимча, ахборот каналлари борасида — қанчалик хунук жарангламасин — биз ҳали ҳам рус мустамлакасимиз. Дейлик, бизда жаҳондаги у ёки бу жой номларини ўзбек тилида тўғри ёзиш ва талаффуз қилиш бўйича бирорта замонавий, XXI асрда ёзилган нуфузли қўлланма борлигидан хабарим йўқ (бу — шундай қўлланма чиқмаган дегани эмас, бундан бор-йўғи менинг хабарим йўқ — ҳамма нарсадан хабардор бўла олмайман-ку). Лекин шундай қўлланмам бўлиши айни муддао бўларди.

Шу муносабат билан, биз жуда кўп жой номларини рус тили орқали биламиз: Бейцзинни Пекин, Пёнгянгни Пхеньян деймиз ва ҳ.к. Русларда хитой ва корейс (шунингдек, япон) тилларидан транскрипция қилиш қоидалари бор (Концевич тизими, Палладий тизими, Поливанов тизими каби). Ўзбек тилида ҳам шундай қоидалар борми-йўқми — у ёки бу жой номларини ўзбек тилида тўғри ёзиш ва талаффуз қилиш бўйича замонавий қўлланма ҳақида қанчалик билсам, бу ҳақида ҳам шунчалик хабардорман.

Шунинг учун ҳам «Нега Си Жинпинг эмас, Си Цзиньпин деб ёзяпмиз?», дейдиган дўстларимизнинг эътирозлари мен учун сал ғалати кўринади. Бундай эътирозлар асосан дунё кўрган, чет тилидаги китоб-журналларни сизу биздан бироз кўпроқ кўрган ҳамюртларимиз томонидан билдирилади. Сизни билмадиму, мени улар билан боғлаб турадиган битта ёқимли жиҳат бор — улар ҳам, мен ҳам ахборот («Си Цзиньпин» ҳам ахборот) олишда Пушкин тилига қарам бўлишни хоҳламаймиз: хорижий исмлар, номларни руслар ёки форслар каби она тилимизга мослай олмас эканмиз, ҳеч бўлмаса оригиналидек ёзайлик, деймиз. Лекин бизга ўхшаганлар денгиздан томчи.

Жинпинг эмас Цзиньпин, Ким Ил Сан эмас Ким Ир Сен деб ёзаётгани учун ҳозирги ўзбек журналистларидан хафа бўлиш маъқул иш эмас. Биринчидан, ўша журналистларнинг кўпига ўзбекча фамилияларни совет паспортидаги қўпол, кулгули хатоси билан ёздиришдан ор қилмайдиган кишилар раҳбар ҳали. Иккинчидан, балки «дунё кўрган томчи»ларимиз Ким Ил Сан билан Ким Ир Сеннинг бир одам эканлигини осон англай олар (уларнинг ҳам аксариятида барибир бир муддат иккиланиш бўлишига шубҳа қилмайман), лекин болаларини рус боғча-ю, рус мактабга бериш ниятидаги ичкаридаги омманинг уйида фақат Россияни кўрсатувчи телевизор Ким Ир Сен деб турса-ю, матбуотчиларимиз Ким Ил Сан деб ёзса — ҳамма қийналади. Икки имлолик ташвишининг ўзи етарли ҳозир.

Кун келиб, ахборот масаласида рус мустамлакачилигидан озод бўлишимизга шубҳа йўқ. Унгача пулдан кўра илмни афзал билган (ёки илмсиз бўлса-да, олимнинг бошини силашга ўзида куч топа олган орифбойнинг қарамоғида қолган) ҳақиқий олимларимиз исмлар, жой номлари ва бошқаларни чет тиллардан ўзбек тилига таржима қилиш қоидаларини ишлаб чиқиб, камида тилшуносларимиз, таржимонларимиз ва журналистларимиз учун дастуруламал тайёрлаб бера олар. Ана ўшанда Хитойнинг янги президентининг исми рус тили орқали эмас, ўз тилимиз (ёки ахборот борасида бизни ахборот масаласида мустамлака қилган бошқа бир қудрат эгасининг тили) орқали айтилади.

PS. «Денгиздан томчи» деганларимнинг эътирози Ўзбек Википедиясидаги бир гуруҳнинг иддаолари олдида, албатта, мақбулроқ. Ўша википедиячилар хорижий исмлар, жой номлари, атамаларни ўша хорижий тилнинг оригиналидек ёзиш зарур дегани учун ҳам бугун Жан-Поль Сартр ҳақидаги мақолани Ўзбек Википедиясида ўқимоқчи бўлсам, уни тинчгина русча викидан қидираман (ўзбекчасида бир уринишда топа олмаслигими мумкин) ва у ердан ўзбек викига — Jean-Paul Sartre мақоласига ўтаман (Ўзбек Википедиясининг кириллчасида бу мақола яна ҳам «чиройлироқ» кўринади). Турк киши Streisand etkisi мақоласида гап Барбара Стрейзенд ҳақида кетаётганини қийинчиликсиз тушунар, бироқ ўртача ўзбекистонлик ҳам бу мақоланинг ўзбекчасидаги Streisand’ни дастлаб Cтрэисанд деб ўқийди, менимча. Ҳаммани ўзимга ўхшатаётганим бош хатоимдир балки.
fedex 1

Йил ҳақида

Тугаётган йил ҳақида айтарли гап йўқ.

Уч-тўртта жиддий ният, осмон қадар баланд орзулар, хом режалар бор. Иш эса ҳеч қачон кам бўлмаган.

Қанчалар сийқаси чиққан бўлмасин, шунчалар жиддийлик билан ният қиламан — аввало, тинчлик бўлсин. Яна, яқинларимиз соғ-саломат бўлсин.

Қолгани бир гап бўлар.
fedex 1

Абдулла Қаҳҳордан 1953 йил саломи

Абдулла Қаҳҳорнинг 1953 йили «Социалистик Ўзбекистон» нашрида эълон қилинган мақоласидан:
«... Бу кундалик ҳаётда учраган кичкина бир факт. Лекин бу кичкина фактда Улуғ Октябрь Социалистик революциясидан илгари ҳозирги колония ва ярим колония шарқ мамлакатларидан кўпда фарқ қилмаган бурунги Туркистонни ҳам, бугунги социалистик Ўзбекистонни ҳам кўриш мумкин.

Орадан ўтган жуда қисқа тарихий давр – ўттиз беш йил ичида Ўзбекистон жаҳонда энг илғор ижтимоий ва давлат тузумига, юқори даражада тараққий қилган социалистик саноат ва қишлоқ хўжалигига, шаклан миллий ва мазмунан социалистик етак маданиятга эга бўлди...

... Октябрь революциясидан илгари бизнинг саноат маҳсулотимиз кетмон, ўроқ, бўз сингари қолоқлик, қашшоқлик нишонаси бўлган маҳсулотлар эди. Ҳозир металлургия заводимиз бор, колхоз ва совхозларимизни маъдан ўғит билан таъмин қилаётган Чирчиқ комбинатимиз бор. Республикамизда нефть, кўмир саноати вужудга келди ва кундан-кун тараққий қилаётипти. Ифтихоримиз бўлган Фарҳод, Чирчиқ ва бошқа ўнлаб гидроэлектростанцияларимиз шаҳарларимизнинг кўча ва уйларидан, кўп қишлоқларимиздан қоронғиликни абадий қувди, жуда кўп завод ва фабрикаларимизга электр қуввати бермоқда. Тўқимачилик комбинатимиз Бутуниттифоқ миқёсидаги саноат корхоналаридан биридир. Республикамизда озиқ-овқат саноати кенг тармоқ ёйган.

Буларнинг ҳаммасига Ленин партиясининг раҳбарлиги, ғамхўрлиги ҳамда қардош халқлар, биринчи навбатда, рус халқининг беғараз ёрдами натижасида эришдик... Совет ҳокимияти йилларида республикамизнинг маданий ҳаёти тубдан ўзгариб кетди...

Ўзбекистон меҳнаткашлари тўқ ва фаровон ҳаёт кечирмоқда ва кун сайин ортиб бораётган моддий ва маънавий талабларини қондириш имкониятига эгадирлар... Жонажон республикамиз қудратли Совет Иттифоқига кирадиган бошқа ҳамма қардош республикалар билан биргаликда коммунизм сари илдам қадамлар билан олға бормоқда.

Денгизнинг ҳар бир заррасида қуёш акс этганидек, ҳаётимизнинг ҳар бир лавҳасидан буюк Ленин закоси акс этади».
Қанчалик ғалати туюлмасин, буни 1953 йилда Абдулла Қаҳҳор эмас, 2014 йилда Тошкент марказидаги ўша таниш бинолардан бирида ўтирган бир қаламкаш ёзгандек таассурот уйғонади. Жуда таниш матн, бугунги расмий нашрларни мунтазам кузатиб борувчи киши фақатгина баъзи шартли истеълоҳлари фарқ қиладиган шундай матнларни деярли ҳар доим ўқийди.

Қудрат Эрназаров ҳақида ҳамма ҳар хил гапиради. Вақтида ЎзМУ журналистика факультетига раҳбарлик қилган одам ҳақида ўзимда ҳам бир хил фикр мавжуд эмас – Ўзбекистон журналистика факультетларининг қўшма матбуот анжуманида ёш болаларча Халқаро журналистика факультетига «ташлаганида», рости, ҳайрон ҳам қолгандим. Ўшанда Қудрат Эрназаровнинг иккинчи марта кўришим эди.

У кишини икки марта кўрганман, холос. Биринчиси – талабаларнинг биринчи медиа-конференциясида бўлганди. Эрназаров бу вақтда деканликдан тушиб, оддий ўқитувчи эди, холос. Ўшанда «Ўзбекистон овози»нинг бош муҳаррири Сафар Остонов танқид қилганди, бундай:

Безымянный

Бу гаплар менинг ҳар доим шошқалоқ, сохта-исёнчи ва аслида қўрқоқ юрагимга жуда ёқиб тушган, курсимиз учун ўзим «бош муҳаррир» бўлиб чиқарган ва ўзимдан бошқа ҳеч ким ўқимайдиган «деворий газетача»га шартта ёзиб чиққандим (ўшандаёқ блогга ёзишга ё «духим», ё вақтим, ё ақлим етмаган шекилли).

Вақт бўлса, кўриб қолсангиз, сотиб олсангиз, «Ўзбекистон овози», «Халқ сўзи» ёки шунга ўхшаш расмий, ҳукуматга алоқадор органлар ҳомийлигида чиқаётган газеталарни, жуда бўлмаса ЎзАнинг сайтини ўқиб туринг. Яхши ёзишади, қизиқ ёзишади. Мустақил Ўзбекистон тарихан қисқа давр – 23 йилда жаҳоннинг энг илғор давлатлари қаторига қандай қўшилгани, одамларнинг фаровонлиги қанчалик ўсиб бораётгани, ишлаб чиқараётган автомобилларимизга хорижда талаб қанчалик катта экани, бундан 23 йил аввал пахтачиликка асосланган қолоқ аграр республика бугун қандай саноати ривожланган мамлакатга айланаётганию бундан хориждаги дўсту душманлар қанчалик ҳайратга тушаётгани ҳақида Абдулла Қаҳҳорнинг юқоридаги мақоласидагидан кам бўлмаган пафос билан ёзишади.

Бахтга қарши, мен бундай ёзолмайман. Улар эса мен ёзганимдек ёза олишади. Ва, албатта, Абдулла Қаҳҳор юқорида ёзганидек ҳам ёза олишади.

Қандай бахт!
gump 2

Жавобгарлик

Ўзбекистон Конституциясининг 67-моддасига кўра, Ўзбекистонда ОАВ «эркин ва қонунга мувофиқ ишлайди», шунингдек, «ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардир».

«ОАВ тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига кўра, ОАВ «қонун ҳужжатларига биноан ахборотни излаш, олиш, тарқатиш ҳуқуқига эга ҳамда тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади».

«Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасига кўра, ОАВ «ўзлари тарқатаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги учун ахборот манбаи ва муаллифи билан биргаликда қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар».

«Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддасига мувофиқ ОАВ «эълон қилинаётган ахборотнинг тўғрилигини текшириб кўришлари шарт ва улар ахборот берувчи билан биргаликда унинг тўғрилиги учун жавобгар бўладилар».

Бундан шундай хулоса келиб чиқиши мумкин – Венесуэлада норозилик намойишлари бўляпти, 28 киши ҳалок бўлди. Ўзбекистонда ОАВ, қонун бўйича, ўзи бераётган «ахборотнинг тўғрилигини текшириб кўриши шарт». Венесуэла Ўзбекистондан минглаб километр узоқда, лекин, модомики бу мамлакат ҳақида ахборот бермоқчи экансан, эй Фалончи.Уз, Каракасга бир мухбир жўнатиб, ростан намойиш бўлаяптими-йўқми, ростан 28 киши ҳалок бўлганми-йўқми, текшириб, кейин бу ҳақда хабар бер!

А-йўқ, юввош...

Ахборот агентликлари деган ташкилотлар борлиги учун ҳаётдан миннатдор бўлишимиз керак, ҳурматли ҳамкасблар. Уларнинг ОАВдан сўрайдигани бор-йўғи бир нарса – уларнинг ахборотини сотиб олиш керак. Пул етмаса-чи, унда «ОАВ тўғрисида»ги қонуннинг 36-моддасига кўра, «ахборот агентлигининг хабарлари ва материаллари бошқа оммавий ахборот воситаси томонидан тарқатилган тақдирда, ахборот агентлигининг номи кўрсатилиши шарт». Ҳурматли ҳамкасблар, мободо ЎзА ё «Туркистон-пресс» ёки Agence France-Presse’дан ахборот олсангиз, манба кўрсатишни асло эсдан чиқарманг.

«ОАВ тўғрисида»ги қонуннинг 40-моддасига кўра, «агар маълумотлар расмий хабарлардан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан ёки расмий статистика ҳисоботлари маълумотларидан ёхуд ахборот агентликлари ёки давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг матбуот хизматлари орқали олинган бўлса»; «олдиндан ёзиб олинмасдан эфирга бериладиган муаллифлик чиқишларида мавжуд бўлса ёки чиқишларнинг сўзма-сўз такрорланиши (стенография, аудио-, видеоёзуви) бўлса» бош муҳаррир ва журналист ОАВда ҳақиқатга мос келмайдиган материалларни тарқатганлик учун жавобгарликка тортилмайди.

Деновдаги супермаркетда 400 эмас, 200 киши иш билан таъминланган, лекин сиз ЎзАга ишониб 400 киши ишли бўлди, деб ёзгансиз; Венесуэладаги намойишларда 28 эмас, 29 киши ҳалок бўлган, лекин сиз Ўзбекистон ТИВда аккредитациядан ўтган Agence France-Presse’га асосланиб, Мадуро ҳукумати 28 кишини ўлдирди, деб ёзиб қўйгансиз. Қамалишдан қўрқманг – «ОАВ тўғрисида»ги қонун сизни ҳимоя қилади.

Ҳар эҳтимолга қарши яна бир гап. Ўзбекистон Фуқаролик кодексининг 1044-моддасига асосан, «расмий ҳужжатлар (қонунлар, қарорлар ва шу кабилар), шунингдек уларнинг расмий таржималари; расмий рамзлар ва белгилар (байроқлар, герблар, орденлар, пул белгилари ва шу кабилар); халқ ижодиёти асарлари; оддий матбуот ахбороти тусидаги кундалик янгиликларга доир ёки жорий воқеалар ҳақидаги хабарлар; инсоннинг бевосита индивидуал асар яратишга қаратилган ижодий фаолияти амалга оширилмасдан, муайян турдаги ишлаб чиқариш учун мўлжалланган техника воситалари ёрдамида олинган натижалар» муаллифлик ҳуқуқи объектлари ҳисобланмайди.

Энди бирорта мард чиқиб, «оддий матбуот ахбороти тусидаги кундалик янгиликларга доир хабарлар» ёки «жорий воқеалар ҳақидаги хабарлар» деган тушунчаларни юридик тилдан одам тилига таржима қилиб берсин. Жуда миннатдор бўламиз. Олдиндан раҳмат!

PS. Масъулият бўлиши керак барибир. Берилаётган хабар ҳаққонийроқ, холисроқ кўринсин учун хабарни тайёрлашда бир неча манбага асосланган яхши, имкон бўлса. «Лента.Ру» имкон қадар шундай қиларди.
rainman 1

Занжир

Мактаб
Укам 2013 йили мактабни битирди. У Сергелидаги 300-лицей-мактабни битиргунича, онам бу мактаб учун «персона нон грата»га айланиб бўлдилар.

«Лицей-мактаб» дегани шартли ном – аслида унга кираверишда «иқтидорли ўқувчилар мактаби» деб ёзилган. «Иқтидорли ўқувчилар мактабида иқтидорли ўқитувчилар дарс бериши керакмасми, деб савол бергандим, бошқа ота-оналар душманга қарагандек қарашди», - дегандилар бир мажлисдан қайтиб.

Мактабда савиясиз, малакасиз, тажрибасиз, ўқитувчиликка уқуви йўқ «мутахассислар» кўп эди. Айнан ўшалар укамга дарс бермаслиги учун онам кўп ҳаракат қилди, лекин бу кураш ҳар доим ҳам муваффақиятли чиққани йўқ. Ўқитувчилар шу қадар савиясизки, онамда қолган аламини синфдошлари олдида укамни ҳақорат қилиш билан олди.

Бир мажлисда шу мактабнинг собиқ завучи: «Лицейга кирғазсангиз, лицей ўзи яхшилаб бошдан ўқитиб олади», - деган экан. «Мактаб унда нега керак?» деган акстаъсир ҳақида ўйлаб кўрмаган бундай завуч ишлайдиган мактаб ва мактабларни нима қилиш керак, билмадим.

Мен ўзим 2005 йилда 9-синфни тугатганман. Бутун синфимиз 7-синфгача яхши ўқиган, деб ҳисоблайман. Шунда директор ўзгарган, яхши ўқитувчилар кетиб қолган, янгилари бошқаролмаган... ва 8-9-синфлар асосан «ишкаллар» билан эсда қолган. 6-7-синфдаги дарсларимизни эслайман, лекин 8-9-синфдагиларини – йўқ. Мактаб обрўси тушиб кетган, кейинроқ эшитсам – обрў умуман қолмапти.

Лицей
Укам 2013 йил сентябридан бери Тошкент темирйўл муҳандислари интстути ҳузуридаги Миробод академик лицейида, физика-математика йўналишида ўқимоқда. Ўзим ҳам шу лицейда, ижтимоий-гуманитар йўналишида ўқиганман. Ўқитувчилари ҳақиқатан ҳам яхши, билимли, савияли.

Укам 9-синфда мактабида «паханлар» кўпайиб кетиб, ҳар куни «ишкал» бўлавергани ва ўзи «калтак еган синф» аъзоси бўлганидан, мактабга боришга безиллаб қолганди. Мактабда тайинли дўсти ҳам йўқ эди.

Укамни айтишича, лицейдаги курсдошлари орасида ўз мактабида «пахан» бўлганлар кўп экан ва ўша «паханлар» ҳам бор кучи билан ўқиётганмиш. «Уларни ўзиям айтади, олдин бунақа эмасдим, умуман ўқимасдим, дейди», - дейди укам.

Укам икки йилдан сўнг ОТМга кириш учун биология ёки конституциядан тест топширмайди – унинг асосий йўналиши физика, математика ва она тили. У ҳам бошқа барча ўзбекистонлик абитуриентлар каби ўзининг асосий уч фанини ўқишни хоҳлайди.

Бироқ бошқа коллеж-лицейларда қандай билмадиму, лекин укам ўқиётган лицейда талаб қаттиқ. Биология ўқитувчиси шундай қаттиқ талаб қилганидан, мактабда бирор соат тайинли ўрганмагани фанни икки ҳафта ётволиб ўқиди. Энди эса пастеризация ва эволюция ҳақидаги билимлари билан бошимизни қотиряпти ҳар куни.

Биология барибир қийин, физикадан ҳам бироз қийналяпти, тарихни эса умуман билмайди. «Нега мактабда ўқимагансизлар? Мактабда ўтилган мавзулар-ку бу!», - деб уришармиш лицейдаги домлалари. Лекин укам ҳаракат қиляпти, умрида биринчи марта ўқияпти ва ўқиш ўзига ёқяпти. Дўстлари ҳам бор, «ишкаллар» эса йўқ.

Мен 2005 йили лицейга кирганман. Синфдошларим ҳам ҳар хил коллеж-лицейларга киришган. Бировидан «ўқиш қалай?» деб сўрасам, «Каптархона» деб қўярди. Номи улуғ ўқишларга кирган синфдошларим ҳам йўқ эмасди. Лекин ростакам ўқитадиган коллеж-лицейга кирган синфдошларим кейинчалик ҳам институт-университетларга кирди. «Каптархона»-коллежлар эса ҳали ҳам бўлса керак.

Бакалавриат
2008 йили ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультетига ўқишга кирганман. Ўқишга кириб бўлганимдан кейин ижодий имтиҳонимдаги баҳоимни айтсам, аксарият курсдошларим бундай балл билан ўқишга кириб бўлмаслигини таъкидлашган. Билмадим, омадим келган. Ўзбекистонда ОТМга ўқишга киришдаги ҳалол рақобат ҳақида гапиришга сал ҳайиқаман. Ҳар ҳолда, йўқ нарсалар ҳақида гапирмаган маъқул.

Баҳо учун ҳам, стипендия учун ҳам ўқимадим. Шунинг учун ҳам уч олиш деярли ҳеч қачон муаммо бўлмаган. Лекин ўқишга кирганимдан кейин, факультетимни кўриб, хафсалам пир бўлгани эсимда. Ярим йиллардами ўзимга келганман, шекилли. Аввалига, тўғриси, курсдошларимдан ҳам кўнглим қолиб кетган. «Шунча йил яшаб, ҳали бирор марта интернетга кирмаган, киришга қизиқмаган бўлса, нима қилиб халқаро журналистикада ўқияпти?», деган савол тинчлик бермаган анча вақтгача.

Тўрт йиллик таълим давомида яна бошқа кўплаб шокларни кўрдим (энг эсдан чиқмайдигани – бюджетда ўқийдиган аълочи курсдошим «корреспонденция»ни «конспенция» деб ёзиб ўтиргани). Солиқ, иқтисодиёт, ҳаёт муҳофазаси, саломатлик ва бошқа шунга ўхшаш тушунарсиз қўшимча дарслар билан нега вақтимизни олишаётганини, нега бу фанларга кириш мажбурий эканлигини тушунишга кўп ҳаракат қилдим.

Бир куни дарсга борсам, комиссия келиб қолди. Ўзи, адашмасам, комиссия келаркан, ўқишда бўлиш шарт, дейишгани учун борган бўлсам керак. «Нима муаммо, қани айтинглар?», деб қолди. Лўлининг уйидан чиққан мард кишидек: «Нега фалон ўқитувчи ҳар фандан кираверади? Нуқул ғалати саволлар берадими-ей, у берган саволга жавобни билганимизда, биз бу ерда ўқимасдик», деб қўйдим. Бошим бало(ча)га қолди. Ўша домла охир-оқибат баҳо қўйиб бермади, башарамни кўргиси ҳам келмади.

Лекин, барибир, университетдан яхши хотиралар кўп, кўпроқ қолган. Нафақат мен, балки бошқа курсдошларим ҳам баҳо олиш учун чўнтагини деярли хафа қилмаган (факультетдан бўлмаган келгинди домлаларнинг сал юлғичлиги ҳақида эшитганим бор). Адашганлар орасида ҳақиқий, ўз ишининг устаси бўлган ўқитувчилар кўп, кўпроқ эди. Уларнинг дарсларига кириб қолганим, маърузаларини эшитиб қолганим – ютуғим.

Лекин, ОТМлардаги муаммолар шу билан тугаса қанийди. Мана, Аброр Қодиров, бозордаги савдогар ҳам, таксидаги ҳайдовчи ҳам, мактабдаги чала-билимли инглиз тили ўқитувчиси ҳам у ўқийдиган факультетдан чиқишини айтади. Шу ҳақиқатгина гапни айтгани учун ректор ҳузурига чақирилади. Лекин барибир отдан ҳам, эгардан ҳам тушмай, «ёшларнинг бузилиши»да катталарнинг ўзини айблайди. Тўғри-да, айтишади-ку, «қуш уясида кўрганини қилади», деб.

Ёки, Азиз Қаршиевни олайлик. Бор-йўғи талаби – ваъзхон домлалар ва керакмас фанлар ўрнига тўғри таълим беришлари. Тағин, ўқишдаги таъмагирликлар ҳақида блог қоралаган. Эмишки, катта-катта домлалар баъзи ёш, лекин калласи бўм-бўш талаба қизларга баҳо қўйиб бериш учун уларни ўзлари хоҳлаган кўйга солармиш. Ростми-ёлғон, билмадим, лекин шамол бўлмаса сариқ арчаларнинг учи қимирламасмиш.

2011 йилнинг 17 мартида ўқитувчилардан нолиб ўзим ҳам бир нарса қоралашни бошлаган эдим, эътиборли томони, ўшанда ҳам Абрордан иқтибос келтирган эканман:

domlalar1

Магистратура
Тиражи 10 мингдан ортиқ бўлган бир газета бош муҳаррири бўлган курсдошим 2013 йили магистратурага кирди. Бир дарси шаҳарнинг бу чеккасида, бошқаси у чеккасида. Бир кунга 3-4 паралаб дарс қўйиб ташлаган, дейди. Бус-бутун кунлари зерикарли маърузалар, кераклиги шубҳа остида бўлган дарсларга кетиб қолишидан нолийди. Тағин, дарсга борганида, дарс ярми ўтиб бўлганида пайдо бўлган домланинг: «Бугун ҳам келмасанглар керак деб, кирмагандим», деган гапини эшитишга тўғри келади, дейди.

Яна, бу курсдошим ҳар ҳафта 10 минг тиражли газетани чиқариши керак. Тажрибаси ҳам ўзига дарс бераётган баъзи домлалардан кўпроқ чиқар. Вақти ўқиш сабаб кўп беҳуда кетади, чамамда... Балки ҳамма жойда ҳам шундай эмасдир, лекин бир жойда ҳам шундайлигининг ўзиёқ яхши эмасга ўхшайди.

Завхозатура
Бизда, Ўзбекистонда таълим учун анча-мунча пул сарфланяпти, мактаблар қуриляпти, техника билан таъминланяпти ва ҳоказо ва ҳакозо (ЎзАнинг таълим хроникасини ўқинг). 2014 йилни ҳам «Соғлом бола йили» деб эълон қилиб қўйганмиз, яхши ниятлар билан. Чунки мамлакат ривожи учун билимли ва соғлом болалар керак. Бунга асло шубҳа бўлиши мумкин эмас, бу Ўзбекистон учун, Британия учун универсал тушунча.

Лекин, Санитария, гигеина ва профессионал касалликлар илмий-тадқиқот институти профессори, тиббиёт фанлари доктори Роза Комилованинг айтишича, Тошкентдаги мактаб ўқувчилари тўйиб ухламаяпти, уларнинг тунги уйқуси вақти нормадагидан 1,5-2 соат кам. «Нега?», десангиз, бунга «мактаб таълими дастурининг ҳаддан ташқари кўпайиб кетгани сабаб». Олимларимизнинг аниқлашларича, мактаб ўқувчилари суткасига 6-10 соат ўқишда бўлади ва шу сабаб тўйиб ухлай олмаяпти.

Укам «иқтидорли ўқувчилар мактаби»да ўқиганини айтдим. Балки Сергели деган «қишлоқ»даги «иқтидорли ўқувчилар мактаби» шаҳар марказидаги, катта-катта форум меҳмонларига кўрсатиладиган «оддий мактаблар»дан ҳам пастроқ турар, лекин укам, ҳақиқатан ҳам, 6-10 соатлаб мактабда бўларди. Сабаби, дарси вақтида бўлмаса ҳам, у ўша дарс вақтида мактабда бўлиши шарт эди. Одам меҳнатдан кўра бекорчиликдан кўпроқ чарчаса керак – ўқувчи мактабда ҳеч нарса ўқимай, лекин чарчаб келади ва тўйиб ухламайди.

Укам ва унинг бошқа синфдошлари оддий лицей-коллежга кириш имтиҳонларига ҳам мактабдан ташқари тайёрланишди, репетиторга боришди. Модомики, ўқишда ўқитмас экан, кейинги босқич ўқишига кириш учун барибир алоҳида, мактабдан ташқари ўқитувчини ёллаш керак экан, тинчгина мактабга бормай қўя қолсин, десангиз, маъмурий жавобгарликка тортиласиз – боланинг мактабга ёки коллежга бормаганлиги учун ота-она жавоб беради. Масалан, мен лицейда ўқиганимда бундай эмасди, бироқ бу йил онам укамнинг ҳар куни ўқишга боришига жавобгар эканлиги ҳақида имзо қўйиб берди; ҳали мактабларда ҳам шундай бўлса керак.

Агар ростан ҳам болалар, ёшлар бузилиб кетаётган бўлса, бунга биринчи навбатда мактабдаги таълимнинг талаб даражасида эмаслиги сабаб, менимча. Ким билсин, балки бугун мактаб ўқитувчисига қўйилган талаблар ўзгариб кетгани сабабдир бунга – ахир ўқитувчи бугун нафақат бутун синфни жим ушлаб туриши, балки жамоат ишлари билан шуғулланиши, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш билан банд бўлиши, вақт келса қандайдир таълимдан бошқа мақсадлар учун юриб, пул йиғиши, хуллас, эскичасига айтганда – завхозлик қилиши керак.

Шунча юмуш-вазифадан кейин, журнал ва ўқишга доир бошқа қоғоз-ҳужжатларни тўлдириш ишлари дарс вақтига қолади, дарсда дарс бериш ишлари эса... унга вақт қолмади энди. Кимдир ортиқча ишлар, ортиқча вазифалар билан ўқитувчининг вақтини оляпти. Вақти беҳуда кетишини хоҳламаган ўқитувчи ёки берилаётган ортиқча иш-вазифаларга чидай олмаганлар мактабдан кетиб, ё репетиторлик қиляпти, ё бозорда нарса сотяпти.

Одатда, табиатан ўқитувчи бўлмаган, балки завхоз, бошқарувчи бўлган кишилар мактабда қолмоқда ва, ўқитувчилар қолмагани ёки ўқитувчилар иш сўраб келмаётгани сабаб, ҳарна қўшимча пул-ку, деб, бир вақтнинг ўзида ҳам синф раҳбари, ҳам меҳнат ўқитувчиси, ҳам завхоз ва яна бир балолар бўлишяпти. Завхоз таълимини кўрган ўқувчи болалар «кўча кўрганлар»га, ўқувчи қизлар эса «катта қизлар»га айланяпти, кейин эса биз ТВга чиқиб: «Ёшлар бузилиб кетяпти, бунинг ҳаммасига оммавий маданият, уятсиз клиплар, маънисиз кинолар айбдор», деб жар соляпмиз.

Муҳими, йилига миллионта иш ўрнини яратяпмиз, ҳамма ойлигини эртами-кечми оляпти. Бу жуда яхши, бу жуда соз!

Ва албатта, муаммо – оммавий маданиятда эмас. Мактаб таълими маърифатпарвар ўқитувчилар эмас, балки завхозлар қўлида экан ва буни кўриб туриб, одамлар – шу завхозларнинг қўлида ўқиётган ўқувчиларнинг тўйпараст ота-оналари бепарволик қилаётган эканлар, муаммо асло оммавий маданиятда эмас.
gump 2

Gov

Интернетдаги фаоллигимизга қараб, ҳар ҳафта, ҳар ой ўнлаб янги сайтларга дуч келамиз, ҳар сайтда дизайн, ахборот архитектураси бўйича турли ўринли ва ўринсиз, қизиқарли ва мантиқсиз ечимларни учратамиз, ўзимиз учун хулосалар чиқарамиз. Баъзи сайтлардан фақат эътиборга молик деталлар ёдда қолади, бошқа бир муваффақиятли лойиҳаларни эса бутунлигича эслаб қоламиз, шундай «жавоҳир» ўзимизда ҳам бўлишини хоҳлаймиз.

Билмадим, охирги бир йилда Gov.uk’чалик чиройли, фойдали, қандайдир мукаммал лойиҳа кўрганим йўқ. Лойиҳа 2012 йил февралида ишга туширилган, Ҳазрати олиялари ҳукуматининг электрон ваколатхонаси ҳисобланади ва бунгача ишлаб турган Directgov (аҳоли учун давлат хизматлари портали) ва Business Link’ни (бизнес учун давлат хизматлари портали)ни тўла алмаштирган. Вазирликлар, идоралар, ташкилотлар, шунингдек, нафақат марказий, балки ҳудудий/маҳаллий бошқарув органларининг сайтлари босқичма-босқич Gov.uk’га қўшиб борилди ва ҳозирда Буюк Британия Вазирлар Маҳкамасидаги 24та вазирликнинг барчаси, 331та бошқа агентлик ва идоралар порталда бор (ўз навбатида, бу вазирлик ва идораларнинг аввалги сайтлари ёпилган, улар энди йўқ).

«Gov.uk сайти жуда содда кўринади (унда суратлар деярли йўқ), лекин ўзининг асосий вазифаси – ахборотни тезкор қидиришга жуда мос келади. Ҳукумат сайти учун бу анчайин мураккаб вазифа. Менга сайтнинг шунчаки мослашувчан эмаслиги ёқади – яхши ўйлаб чиқилган контент ва тузилма ресурсни исталган қурилмадан ўқиш учун қулай қилади. Ҳукумат органлари ахборотни очиқ, олишга осон қилишлари жуда ҳам муҳим. Gov.uk’даги соддалик бошқа кўплаб ҳукумат сайтлари учун намуна бўлишига ишончим комил», - дейди голландиялик дизайнер ва девелопер Стивен Хей. Дизайн зўр ҳақиқатан ҳам – Gov.uk 2013 йил якунларига кўра, Лондондаги Дизайн музейи томонидан ташкил этилган «Йилнинг энг яхши дизайни» (Designs of the Year) танловининг «рақамли дизайн» йўналишида ғолиб деб топилган.

«Сайтга кириб, «Қани бу ерда дизайн?», - деб савол беришингиз мумкин, бироқ дизайн муаллифлари «ҳамма гап шунда» дейди. «Биз, фойдаланувчи тушуниши осон бўлиши ва ички ҳис билан сезиши учун, ахборотни осон ва тез олиш вақтида йўлда учраб, халал берадиган ҳамма нарсани олиб ташладик», - дейди ҳукумат сайтини янгилашга раҳбарлик қилаётган Бен Террет. «Соддароқ, тушунарлироқ, тезроқ» шиори остида ишга туширилган Gov.uk’да ҳукуматнинг барча хизматлари бир домен остида бирлаштирилган бўлиб, фуқаро учун паспорт олишдан тортиб бўш иш ўринлари ҳақида маълумот олишгача, автомобиль солиғи билан боғлиқ янгилик билан танишиб, бола асраб олишгача бўлган барча ахборотга эга бўлиш учун ягона ойна вазифасини бажаради», - деб ёзади The Guardian.

(Негадир мен охирги вақт илҳом ҳақида кўп гапирадиган бўлиб қолганман), бу сайт ҳам одамни илҳомини келтирадиган нарсаларга тўла: сайт ишлаб чиқувчилари бошқа ҳамкасблари учун бутун бир тавсиялар тўпламини тайёрлашган (русчаси бу ерда), сайтда ҳаммаси тушунарли ва бир маромда бўлиши учун бир хил шрифт танланган – шрифт ҳам шунчаки шрифт эмас, балки Буюк Британия йўл белгиларида кўп йиллардан бери фойдаланиб келинадиган шрифтнинг бироз янгиланган, «интернетлашган» кўриниши. Лойиҳа эгаларининг ўзи 1960 йилларда Маргарет Калвер ва Жок Кинниер томонидан ишлаб чиқилган Лондон метроси харитаси ва Британия йўл белгилари ёзувларида илҳом олишган. Зўр-а, қандайдир доимий таниш, туғилганингдан бери кўрадиган нарсалар ўзгармай турса, сен уни узоқдан кўриб, танисанг, ўз уйингда эканлигингни ҳис қилсанг... Ҳай, буниси бошқа мавзу.

Арзончи-«дизайнер-девелопер»лар бор, улар 50 долларга ҳам, 50 минг сўмга ҳам сайт очиб бераверишади. Ёмон томони, бизда баъзан шундай арзончиларнинг хизматларидан давлат органлари ҳам фойдаланади. Яна, бизда ҳар ерда «электрон ҳукумат», «электрон мурожаат» деган жар солишлар бошланди; бу яхши, албатта. Лекин қандайдир марказлашган, бир-бирига мувофиқлаштирилган ҳаракат йўқдек. Балки бошлангандир, балки мен сезмаётгандирман, бу, албатта, менинг айбим (лекин мен билмай қолаётганимга ҳам кимдир зиғирча айбдор бўлса керак).

Мен сайт очсам, унга ўзим қаердадир (балки давлат ишида) ўзим ишлаб топган пулимни сарфлайман. Ўша пулим ўзимга келгунича ундан давлат даромад солиғи ва яна бир тонна қандайдир солиқлар олиб қолади. Бу пул давлат бюджетига бориб тушади. Кейин давлат «Электрон ҳукуматни ривожлантириш», «Давлат органларининг интернетдаги сайтларини ривожлантириш учун» менинг ойлигимдан юз, икки юз, уч юз... минг, икки минг... баравар кўп миқдорда пул ажратади. Бу пулга, дейлик, Ташқи ишлар вазирлиги ўз сайти дизайни ва функционалини янгилайди. ТИВга хизмат қилган ширкат сайтида хизмат ҳақи ёзилмаган, лекин кўпни кўрган мутахассислар бу сайт учун етти хонали сондан иборат маблағ ишлатилганига ишонишади.

Буюк Британия элчихонаси сайти
Буюк Британия элчихонаси сайти

Ростанам ТИВ сайтини янгилаш керак эди. Лекин ТИВ сайти фақат ўз сайтидан иборат бўлиши керак эмас, Gov.uk мисолида кўрадиган бўлсак, ТИВ сайти мамлакатнинг хориждаги элчихона, ваколатхона ва консулликларини ҳам қамраб олиши, уларга-да ўзидан бир саҳифа очиб бериши керак. Мана бундай эмас; дейлик, Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси сайтидек – биз бунда элчихона сайти билан Gov.uk ўртасида фарқ кўрмаймиз, чунки элчихона сайтига кирганимиз билан, ҳали ҳам Gov.uk ичидамиз.

ispnaiya
Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчихонаси сайтидан скриншот. Майли, ўзингиз айтинг, Дурбек Амановга неча баҳо қўямиз?

Бизнинг элчихоналаримиз эса ТИВдан алоҳида, ўзлари учун ўзлари сайт очишади. Ҳар бирининг домени ҳар хил, баъзилари ТИВ домени остида, баъзиларининг ўз манзили бор, ўзи эса ишламайди, лекин шу сайтлар ҳам текинга очилганига ишонгимиз келмайди. Хуллас, қанчадир (балки анчадир) пул қаергадир бекорга кетган, ваҳоланки, вазирлик сайтини янгилаш баробарида, Gov.uk тажрибасини биргина шу вазирлик миқёсида қўллаб кўрса бўларди (адолат учун айтиш керак, Адлия вазирлиги шу йўлдан юрганига кўп бўлган: Наманган, Самарқанд... ва ҳ.к.).

Бошқа бир мисол. Бизда давлат хизматлари кўрсатиш учун алоҳида портал очилди – my.gov.uz. Сиз у орқали давлат органларига мурожаат қиласиз, қандайдир маълумотномалар оласиз, аввалги қаердадир «ўчирит»да туришлар йўқ – бу яхши. Тошкентни ўзида яна бир портал очилган – e-kommunal.uz, ҳали ҳам ўзбекчаси йўқ; сиз у ердан ҳовлингиздани ахлатни ҳали ҳам олиб кетишмагани, уйда совуқ сув йўқлиги ҳақида ҳокимиятга шикоят қилишингиз, улар эса қисқа фурсатда мурожаатни кўриб чиқиб, сизга ёрдам беришлари мумкин. Ғалати томони, солиқ бўйича қандайдир маълумотномани my.gov.uz’дан ҳам, солиқ қўмитаси сайтидан ҳам олиш мумкин, темирйўлдаги қайсидир масала бўйича my.gov.uz’дан ҳам, яна темирйўл компаниясининг бир бўлими ўзи учун алоҳида очган сайт орқали ҳам мурожаат қилишимиз мумкин (домен зўрлигини қара - rwnadzor.uz; ўзбекчадан бошқа ҳаммаси бор). Чалкашлик, бошоғриқ, менимча.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ўз сайтининг янгиланган версиясини тақдим этди. Қўмита бунинг учун алоҳида тадбир ташкил этган, бу тадбирдан ЎзА хабар ёзган, тадбир учун алоҳида харажат, сайтнинг янгиланиши учун алоҳида харажат (қизиқ томони, ўша тадбир бўлгани куни қўмита сайтининг ўзбекчасида энг биринчи бўлиб ўрисча хабар турганди), хуллас, харажат, харажат ва яна харажат. Яна, икки ҳафтача аввал UZINFOCOM маркази Ўзбекистон ҳукумати портали – Gov.uz’ни янгилашга киришаётгани, шу муносабат билан фойдаланувчилардан тавсия беришларини сўраганди. Gov.uz ҳам текинга янгиланмайди, янгиланган Gov.uz’да аввалги бош вазирлар ҳақида Gov.uk’даги маълумотларни топа оламизми-йўқми, бу ҳам даргумон. Лекин анча-манча маблағ сарфланишини ҳозирдан тахмин қилса бўлади.

Gov.uk’нинг дизайни ҳам, ишлаши ҳам энг асосий тамойилга – «ишни давлат эҳтиёжларидан эмас, балки фойдаланувчилар талабларидан бошлаш»га асосланган. Фойдаланувчи ахборотни осон, тез ва қулай топиши, керакли давлат органига осонлик билан, ортиқча қийналмасдан мурожаат жўната олиши кераклиги ҳақида гапирилди ва биздан бошқалар ҳам охирги вақтларда кўп гапиряпти. Фойдаланувчининг яна бир талаби бор – давлат маблағлари бекорга совурилмасин. Балки бизда фуқаролар бу ҳақда кўп ўйлаб кўришмас, бироқ Буюк Британияда одамлар ҳам, ҳукумат ҳам давлат органларининг интернетдаги сайтларига халқнинг кўп пули кетишини асло хоҳламайди. Gov.uk эса минг эмас, миллионлаб фунт-стерлинглаб маблағларнинг тежалишига ёрдам беради.

Gov.uk – биз учун велосипед ва уни қайта кашф этиш шарт эмас. Корейслар тавсияларидан фойдаланиб, нималардир (my.gov.uz, масалан) қилаётганимиз яхши, лекин иккита деярли бир хил нарсани иккита жойда иккита харажат билан қилаётганимиз ёмон. Биз биттасини танлайдиган ва бошқа биридан воз кечадиган вақт аллақачон келди, бизда пул кўп эмас (менимча) ва уни ақл билан ишлатиб, энг юқори самарага эришишимиз шарт. Биз Ўзбекистондаги барча давлат, ҳукумат, бошқарув органлари сайтларини битта, худди Gov.uk’даги ягона ойнага бирлаштириб қўйишимиз мумкин.

Унга бир гуруҳ, фақат шу лойиҳа билан ишлаш учун ёлланган техниклар қарайди, тузатади, мукаммаллаштиради – вилоят ёки вазирлик сайтини янгилаш учун тендерлар ўтказишга барҳам берилади; Молия вазирлиги сайти фойдаланувчи маълумотларини худди Gov.uk шифрлайди, лекин шундай лицензияси бўлиши керак бўлган my.gov.uz’да ҳали бу нарса йўқ ва бу катта минус – давлат эса бир марта бир лойиҳа учун шундай лицензияга буюртма бериб, бир вақтнинг ўзида барча давлат сайтлари маълумотларини шифрлашга ўтказиши мумкин – яна анча маблағ тежалади. Ва яна бошқа плюсларни кўплаб топиш мумкин.

My.gov.uz'даги оддий http ва Молия вазирлиги ҳамда Gov.uk'даги https (ҳимояланган уланиш)
My.gov.uz'даги оддий http ва Молия вазирлиги ҳамда Gov.uk'даги (пуллик) https (ҳимояланган уланиш)

Гап Gov.uk’нинг қанчалик зўрлиги ҳақида эмас, гап маблағни тежаб, энг яхши натижага эришиш ҳақида. Бор-йўғи шу.

PS. The Guardian’нинг ёзишича, Буюк Британия ҳукумати харажатларни янада қисқартириш мақсадида Microsoft Office дастурий таъминотидан фойдаланишни тўхтатиб, очиқ кодли дастурлардан фойдаланишга ўтмоқчи экан. Бундай дастурлар, кўпинча, бепул ҳам бўлади. Буюк Британияда Microsoft Office жуда қиммат (у бизда, битта Zver билан бирга ўрнатилади, беш минутда), шунга бу улар учун қувончли хабар.